Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти Польша оммавий ахборот воситалари нигоҳида
![](http://uzbekistan.pl/uploads/2nYTjqZjnUI9R1U_uWGOMFa_VNbzrjwv.webp)
Польшанинг оммабоп «Eurogospodarka» ("Евроиқтисодиёт") газетасида "Ўзбекистон сайёҳликни молиялаштирмоқда" сарлавҳали мақола босилиб чиқди.
Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон йилдан-йилга халқаро сайёҳлик нуқтаи назаридан саёҳатчиларни ўзига жалб қилаётган диққатга сазовор гўшага айланиб бормоқда. "Шарқ дурдонаси" деб аталадиган Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва бошқа шаҳарларнинг ўзига хос меъморчилиги билан бирга мамлакат халқининг бир неча минг йилларга бориб тақаладиган ажойиб ва ўзига хос маданияти ҳам бунда муҳим омил бўлмоқда.
Нашрнинг ёзишича, мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини ҳам талаб қилади. Шу боисдан ҳам туризм соҳасида халқаро андозаларга жавоб берадиган мутахассислар малакасини ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланган.
"Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизими уч йиллик дастурлар асосида ва блок-модулли тизимда икки томонлама таълим шаклида йўлга қўйилган, деб ёзади нашр. Шу билан бирга, ўқув дастурлари доирасида сайёҳлик мавсуми ойларида амалиёт ўташ режалаштирилмоқда. Бу жараёнга жалб қилинган мутахассисларнинг иш ҳақини тўлаш харажатлари туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қопланади".
Мақолада таъкидланишича, ўрта ва олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ хитой, корейс, Европа мамлакатлари ва бошқа чет тилларга ихтисослашган гид-таржимонлар тайёрлаш бўйича махсус курслар ташкил этилмоқда. Талабалар ўз мамлакатининг тарихи, урф-одатлари ва анъаналарини чуқур ўрганадилар, меъморчилиги, афсоналари ва халқ ижодиёти билан танишадилар. Шунингдек, уларга нутқ санъати сирлари ҳам ўргатилади. Келажакда ўз сайёҳлик агентлигини очмоқчи бўлганлар учун бизнес-режаларни ишлаб чиқиш бўйича тренинглар ташкил этилади.
"Ўзбекистоннинг шаҳар ва вилоятларида спорт туризмини ривожлантириш учун шароитлар яратилмоқда, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, меҳмонхоналар, ресторан ва бошқа умумий овқатланиш корхоналари, чакана савдо шохобчалари ва бошқа кўпгина муассасалар очилмоқда", деб ёзади «Eurogospodarka».